Лабораториялар

Лалмикор ерларда қаттиқ буғдой селекцияси ва уруғчилиги Лабораторияси

Лаборатория мудири: қ.х.ф.ф.д., к.и.х. Қаршибоев Ҳасан Холбазарович
Лалмикор ерларда қаттиқ буғдой селекцияси ва уруғчилиги лабораторияси 1934 йилда ташкил этилган бўлиб, лалмикор ерларнинг турли минтақалари учун ташқи мухитнинг абиотик ва биотик омилларига ва ётиб қолишга чидамли‚ хосилдор‚ дон сифати Давлат андозаларига жавоб берадиган навларини яратиш ва бошланғич уруғчилигини олиб бориш асосий фаолияти ҳисобланади.
1934 йилда Н.В.Покровский тамонидан мамлакатимизда қаттиқ буғдой селекцияси ва уруғчилигига Милютин Давлат селекция станциясида асос солинган. Олим томонидан маҳаллий буғдой навларини танлаш асосида уларнинг тур, тур-хилларини аниқлаб ўзаро дурагайлаш ишларини олиб борилган.
1940-1951 йилларда лабораторияда қаттиқ буғдойнинг Леукурум-837, Мелянопус-40100 навлари яратилган.
1960-1990 йилларда қаттиқ буғдой селекцияси ва уруғчилиги соҳасида илмий-тадқиқот ишларини Р.О.Каткова, Н.М.Мамиров, Н.Б.Бекназаров, А.И.Ковалев, Қ.С.Содиқов, А.Қ.Қаршибоев, Ж.Т.Умаров‚ Х.Т.Одилов‚ С.Ғайбуллаевлар давом эттириб, олимлар томонидан қаттиқ буғдойнинг Лекурум-117‚ Б-38‚ Леукурум-2Ф‚ Гордеформе-95‚ Провинциале-2Ф навлари яратилган.
1991-2012 йилларда селекционерлар Ж.Т.Умаров, Ҳ.Т.Одилов, С.Ғайбуллаевлар лалми қаттиқ буғдой селекцияси ва уруғчилиги бўйича илмий-тадқиқотлар олиб борган. Бу даврда лалмикор ерларда экиш учун Марварид, Жавоҳир, Чарос, Шабнам каби навлари яратилган. Улардан Жавоҳир нави 2011 йилда Давлат реестрига киритилди.
2012 йилдан ҳозирги давргача лабораторияда селекционер олимлар Х.Қаршибоев, Ж.Мавлоновлар илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқда. Тадқиқот натижалари асосида лабораторияда Ёқут-2014, Биллурдон навлари яратилди.
Ҳозирги кунда Республика аҳолисининг эхтиёжи учун хар йили 100-120 минг тоннадан ортиқ қаттиқ буғдой дони талаб этилади. Республикада қаттиқ буғдой етиштиришни кескин кўпайтириш ғаллачилик тармоғининг долзарб вазифаси ҳисобланади.
Лабораторияда лалмикор ерлар учун дон сифати Давлат андозаларига мос макарон чиқими 4,0-4,5 балл, оқсил миқдори 14-16 %, клейковина 28-30%, ташқи муҳитнинг ноқулай омилларига ва касалликларига чидамли қаттиқ буғдойнинг факультатив навларини яратиш устида илмий ишлар давом эттирилмоқда.
Илмий-тадқиқот ишлари натижасида Ўзбекистон Республикаси Интелектуал мулк Агентлиги томонидан лалмикор майдонларда экиш учун қаттиқ буғдойнинг Ёқут-2014 (№NAP 00164) навига селекция ютуғи учун ихтиро патенти олинди ҳамда Биллурдон навига патент олиш учун талабнома юборилди.