Лабораториялар

Дуккакли дон экинлари селекцияси ва уруғчилиги лабораторияси

Лаборатория мудири: к.и.х. Умурзаков Абдукарим Абдухакимович
Дуккакли экинлар селекцияси ва уруғчилиги лабораториясининг вазифалари эртапишар, турли касалликларга, қурғоқчиликка, иссиқликка чидамли, юқори сифатли, механизация йўли билан йиғиштириб олишга мослашган ҳосилдор янги навларини яратишга йўналтирилган.
Тадқиқот ишлари 1935 йилда бошланиб илк маротаба А.С.Мазурин томонидан нўхатнинг маҳаллий навларидан якка танлаш йўли билан Милютин-4 янги нави яратилди ва ишлаб чиқаришга жорий этилди.
1952-1990 йилларда А.С.Мазурин, И.Г.Одинцова, П.Ш.Шукуруллаев, П.П.Олейник томонидан нўхатнинг Милютин-6‚ 2358 ва 2046‚ Ўзбекистон-8‚ Гибрид-27, Кормовой-10, хашаки нўхатнинг 55М Восток, 115 Афғон, жўхорининг Чиллаки, Сангзор, қандли жўхорининг Қандли-91, Оранживий-160, судан ўтининг Ғаллаорол-85 навлари яратилиб экишга тавсия этилди. Жумладан нўхатнинг Ўзбекистон-8 нави Озарбайжон республикасида экиш учун 1972 йилда Давлат реестрига рўйхатга олинган.
1991-2010 йилларда селекционерлардан П.П.Олейник, Қ.Э.Эшмирзаев, Н.Э.Эргашев‚ Ж.Н.Эргашев‚ У.Қ.Хожимусаеваларнинг олиб борган илмий-тадқиқот ишлари натижасида Ўзбекистон-32, Юлдуз, Лаззат, Жаҳонгир ва Ирода-96, кўк нўхатнинг Жасур-98 навлари Давлат реестрига киритилди.
2011 йилдан бошлаб узлуксиз давом эттирилаётган тадқиқот ишларида Н.Э.Эргашев, Ж.Н.Эргашев‚ У.Қ.Хожимусаева, К.Т.Исаков, А.А.Умурзаков, Ж.Т.Нахалбоев ҳаммуаллифлигида нўхатнинг Жавлон, Гулистон, Истиқлол, Мустақиллик-20, Нурли қуёш, Ифтихор, хашаки нўхатнинг Ўзбекистон-2011, ясмиқнинг Олтин дон, виканинг Восток-85 навлари яратилиб нав синаш Давлат комиссиясига топширилди. 2010 йилда ясмиқнинг Олтин дон нави Давлат реестрига киритилди, 2019 йилда нўхатнинг Ифтихор нави истиқболли навлар рўйхатига олинди.
Лабораторияда 1998 йилдан ICARDA ҳалқаро маркази билан илмий ҳамкорлик йўлга қўйилиб, ҳозирги кунгача муттасил давом эттирилиб келинмоқда. Бу ҳамкорлик натижасида нўхатнинг Жавлон, Жаҳонгир, Истиқлол, Гулистон, Ифтихор, ясмиқнинг Олтин дон навлари яратилди. Шунингдек шу ҳамкорлик доирасида Қозоғистон ўсимликшунослик ва деҳқончилик илмий тадқиқот институти билан биргаликда яратилган нўхатнинг Камила 1255 нави 2000 йилдан Қозоғистон Республикасида экиш учун Давлат реестрига киритилди.
Ҳозирги кунда лабораторияда 2 та мустақил тадқиқотчилар тадқиқотларни давом эттирган ҳолда қишлоқ хўжалик экинлари фанлари бўйича фалсафа доктори илмий даражасини олиш учун диссертация мавзуларини ҳимояга қўйиш бўйича илмий фаолият олиб бормоқдалар.
Ҳозирги кунда дуккакли дон ва ем-хашак экинлар селекцияси ва уруғчилиги лабораториялари бирлашган ҳолда қишлоқ хўжалик фанлари номзоди, катта илмий ходим Камолиддин Туйгунович Исаков раҳбарлик этиб келмоқда.