Лабораториялар

Ем-хашак экинлари селекцияси ва уруғчилиги Лабораторияси

Лаборатория мудири: қ.х.ф.н., к.и.х. Исаков Камолиддин Туйғунович
Чорвани озуқа билан таъминлашда лалми ерларда ем-хашак етиштириш муҳим аҳамиятга эга.
Лалми ерларда беда, маккажўхори, кунгабоқар, жўхори, судан ўти, тритикале, озуқа боп махсар, хашаки тарвуз, эспарцет, житняк ва шувоқ катта майдонларни эгаллайди.
Ем-хашак экинларининг ташқи муҳитнинг ноқулай таъсирларига, касаллик ва зараркунандаларга чидамли, ҳосилдорлиги ва озуқа бирлиги юқори бўлган навларини яратиш ва уларнинг бошланғич уруғчилигини ташкил этиш, агротехникасини ишлаб чиқиш долзарб муаммолардан ҳисобланади. Лалми ерларда табиий пичанзорлар ва яйловлар катта майдонларни эгаллайди. Уларнинг маҳсулдорлигини ошириш муҳимдир.
Шулардан келиб чиқиб 1938 йилда Милютин Давлат селекция станциясида ем-хашак экинлари лабораторияси ташкил этилган. Уни дастлабки йилларда С.А.Мазурин бошқарган.
Ем-хашак экинларининг экиш муддатлари, экиш меъёри ва усуллари ишлаб чиқилди. Тупроққа экишгача ва экишдан сўнг ишлов бериш тизимлари аниқланди. Шу йили беданинг Милютин-1774 нави яратилди ва 1945 йилда лалми ерларда экишга тавсия этилди.
1959 йилда эспарцетнинг Милютин-2, 1965 йилда житнякнинг Узкоколосий-15 навлари яратилди.
1961-1976 йилларда К.К.Комилов ва Я.И.Фалъковскаялар томонидан лалмикор ерларда яйлов маҳсулдорлигини ошириш мақсадида олиб борилган илмий тадқиқот ишлари натижасида шувоқнинг Молгузар нави яратилди, уруғчилиги йўлга қўйилди, агротехникаси ишлаб чиқилди. Ушбу илмий ишланмалар учун К.К.Комилов Беруний Давлат мукофотига сазовор бўлди.
1984 йилда Д.П.Байгулов раҳбарлигида илмий ходимлар Р.Алиев, Н.Даниловлар беданинг Аридная навини яратишди. 1987 йилда суғориладиган ва лалмикор ерлар учун беданинг Бойгул нави экишга тавсия этилди. 2014 йилда К.Исаков, Н.Умиров ҳаммуаллифликда яратилган беданинг Ғаллаорол-100 нави ҳозирги кунда нав синаш Давлат марказининг минтақавий нав синаш участкаларида синовдан ўтказилмоқда.
Лалми ерларда олиб борилган тадқиқотлар натижасида К.Исаков, Ў.Нурбеков ҳаммуаллифликда яратилган кунгабоқарнинг кўк озуқа учун тавсия этилган Нур-5 навини 2015 йилда, Х.Адилов, Ж.Умаров, К.Исаковлар томонидан яратилган тритикаленинг Сардор нави 2016 йилда экиш учун Давлат реестри рўйхатига киритилди. 2019 йилда тритикаленинг Дўстлик-4 нави истиқболли нав деб топилди.
Ҳозирги кунда дуккакли дон ва ем-хашак экинлар селекцияси ва уруғчилиги лабораториялари бирлашган ҳолда қишлоқ хўжалик фанлари номзоди, катта илмий ходим Камолиддин Туйгунович Исаков раҳбарлик этиб келмоқда. Лабораторияда 1 та докторант илмий мавзуси бўйича тадқиқот ишларини бажариб келмоқда.