Лабораториялар

Ўсимликлар физиологияси лабораторияси

Лаборатория мудири: қ.х.ф.н., к.и.х. Покровская Мария Николаевна
Ўсимликлар физиологияси лабораторияси 1957 йилда ташкил этилган бўлиб, лабораториянинг асосий фаолияти:
• Лалмикор ерларда бошоқли дон экинларининг қишга, совуққа, қурғоқчиликка ва иссиққа чидамлигини физиологик асосларини ўрганиш;
• Суғориладиган ерларда бошоқли дон экинларининг иссиққа ва тупроқ шўрланишига чидамлигининг физиологик асосларини ўрганиш;
• Бошоқли дон экинлари маҳсулдорлигининг физиологик асосларини ўрганиш;
• Селекция жараёнида ўрганилаётган барча нав ва намуналарнинг ташқи муҳитнинг абиотик таъсирларига чидамлигини баҳолаш.
Шунинг учун суғориладиган ва лалмикор ерларда бошоқли дон экинларининг ташқи муҳитнинг ноқулай абиотик омиллари-қишга, совуққа, қурғоқчиликка, иссиқга ва тупроқ шўрланишига чидамлигининг ҳамда уларнинг маҳсулдорлигининг физиологик асосларини илмий ўрганиш ўта долзарб вазифа ҳисобланади. Шунингдек, селекция бошланғич манбаларининг абиотик омилларга чидамлигини баҳолаб бориш унинг самарадорлигини оширишнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Ўзбекистоннинг иқлими кескин континентал бўлиб, қишда совуқ -18-20 0 С ва ундан паст,ёзда иссиқ +40-42 0 С ва ундан юқори бўлади. Баҳор даври ёз даври билан кескин алмашинади. Ёғингарчиликнинг йиллик меъёри 340 мм бўлиб йил давомида текис тақсимланмайди. Деярли ҳар йили қишлоқ хўжалик экинлари учун суғориладиган ерларда иссиқ, лалмикор ерларда қурғоқчилик жуда катта салбий таъсир кўрсатади. Суғориладиган ерларда сув танқислиги, тупроқнинг турли даражада шўрланиши ҳам ноқулай омил ҳисобланади.
Лабораторияда олиб борилган илмий-тадқиқот ишлари натижасида суғориладиган ва лалмикор ерларида бошоқли дон экинларининг ташқи муҳитнинг ноқулай абиотик омилларига чидамлигининг ва ўсимлик маҳсулдорлигининг физиологик асослари аниқланди. Селекция учун асосий физиологик кўрсаткичлар аниқланди, селекция манбаларининг чидамлиги боҳоланди. Лалми ерлар учун бошоқли дон экинларининг морфофизиологик кўрсаткичлари аниқланиб улар асосида ўсимлик модели ишлаб чиқилди.
Бугунги кунда ўсимликлар физиологияси лабораториясининг илмий натижалари ўсимликшунослик, селекция ва бошқа соҳаларда кенг қўлланилиб келинмоқда.
Лабораторияга турли даврларда Н.А.Атауллаев, М.О.Омонов, М.Б.Бегбўтаев, Т.Ҳ.Ўринбоев, М.Р.Рустамова, А.А.Амонов, М.Н.Покровскаялар раҳбарлик қилишди. Е.И.Бессонова, Н.А.Исақулова, Ҳ.Исамова, А.Алишбоев, Ш.Орипов, О.Хусановлар илмий ҳодим вазифасида фаолият кўрсатган. Улардан 2 нафари фан доктори, 6 нафари фан номзодлари илмий даражасига эга бўлган.