Лабораториялар

Деҳқончилик бўлими фаолияти

Бўлим бошлиғи: қ.х.ф.н., к.и.х. Юсупов Хасан
Деҳқончилик соҳасидаги дастлабки тажрибалар 1913-1924 йилларда профессор В.С.Малигин, Н.В.Дмитров, Н.В.Карпов, С.П.Тулайков ва бошқалар тамонидан олиб борилган. Бу тажрибаларда ерни омоч ўрнига пулуг билан ҳайдаш, ғаллани сеялка билан экиш, ҳосилни комбайн билан ўриб янчиш бўйича дастлабки илмий тажрибалар қўйилган.
Н.В.Карпов ва Г.А.Лавроновлар лалмикор деҳқончилик фанига улкан ҳисса қўшган олимлардан ҳисобланади. 1937-1960 йилларда улар томонидан лалмикор ерларда алмашлаб экиш тизими‚ экиладиган экинларнинг агротехникалари ишлаб чиқилди. Лалми ерларда учрайдиган бегона ўтларнинг ботаник таркиби ва биологик ҳусусиятлари ўрганилди ва уларга қарши кураш чора-тадбирлари белгиланди.Бўз ерларни ўзлаштириш, тоза шудгорга ишлов бериш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди. С.П.Тулайков қишлоқ хўжалик машиналарининг янги турларини синовдан ўтказди. Бу даврда лалмикор тупроқларда намлик тартиботи ўрганилди, лалмикор ерларда кузги ғаллани август ойида экиш агротехникасини яратилди.Тупроқда кечадиган сув ва шамол эррозияси таъсирини камайтиришда муҳим аҳамиятга эга бўлган ихота дарахтзорлари барпо этишнинг илмий асослари ишлаб чиқилди.
1961-1990 йилларда Г.А.Лавронов, В.И.Коробов, С.Маманиёзов, Д.П.Байгулов, М.Р.Рофиев‚ А.Равшанов, Р.Алиев, Ҳ.Юсупов‚ М.Холматов‚ М.Юнусовлар тамонидан лалмикор ерларда тупроқнинг кимёвий, физикавий, сув-физик, микробиологик ва бошқа хусусиятлари, тупроққа ишлов бериш тизимлари ўрганилди. Ғалла-шудгор алмашлаб экиш тизимлари такомиллаштирилди, маҳаллий ва минерал ўғитлар қўллаш меъёрлари ва муддатлари аниқланди‚ К.Комилов, Ҳ.Юсупов, И.Мамараҳимовлар томонидан ўтлоқ-бўз тупроқлар шароитида ғалла етиштиришнинг интенсив технологиялари ишлаб чиқилди. Р.Золов, А.Милосердова, Ҳ.Юсупов, А.Алибоевлар суғориладиган ерларда озуқабоп дон ва ем-хашак экинларини алмашлаб экишнинг мақбул тизимларини ишлаб чиқди. Суғориладиган ерларда кузги буғдой етиштиришда минерал ўғитлар билан озиқлантиришнинг муддатлари, меъёрлари ва услублари ўрганилди.
Ҳ.Юсупов, Ҳ.Илёсов, Ҳ.Бадаловлар суғориладиган ерларда дастур асосида кузги буғдой етиштиришда минерал ўғитлар билан озиқлантириш меъёрлари, муддатларининг ва барг диагностикаси асосида аниқлаш бўйича тадқиқотлар ўтказди.Ўсиб турган ғўза қатор орасига кузги ғалла экиш технологиялари ишлаб чиқилди.
1991-1993 йилларда бирлашманинг деҳқончилик бўлимида суғориладиган тажриба далаларида ғалладан бўшаган майдонларда такрорий тариқ экини агротехникасини ишлаб чиқиш мақсадида тажриба ўтказилди (Х.Юсупов, А.Алибоев). тажрибаларда гектаридан 25-30 центнер тариқ дони етиштиришда экиш меъёри, суғориш ва минерал озиқлантириш тартиботлари ўрганилди. Тупроққа ишлов беришда плуглар билан 20-22 см чуқурликда хайдаш, ясси чимқирқар плуг (Плоскорез) ва БДТ-3 русумли оғир дискали бороналардан фойдаланилди. Барча агротехнологик тадбирлар ғалла ўрим –йиғимидан сўнг тупроқда нам тўплаш учун ўтказилган суғориш фонида олиб борилди.
1995-1997 йилларда “Ғалла” илмий ишлаб чиқариш бирлашмасининг янгидан ўтказилган, сув билан кам таъминланган тажриба даласида “Маржон” кузги буғдой навининг 1999-2002 йилларда бирлашманинг янгидан ташкил этган Музбулоқ тажриба даласида (Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани, Музбулоқ ижара ширкатлар уюшмаси) Санзар 8 ва интенсив типдаги Юна ва Купава (Краснодар селекцияси) навларининг турли суғориш ва озиқлантириш тартиботларидаги ҳосилдорлиги ўрганилди.
Кўп факторли тажрибаларда турли меъёрдаги органик ва маъданли ўғитларнинг самарадорлиги суғоришнинг 50-60 ва 70 % ЧДНС тажрибаларида ўрганилди.
Уч йиллик тажриба натижаларига кўра, янгидан ўзлаштирилган, тупроқ унумдорлигига нисбатан паст бўлган суғориладиган типик бўз тупроқлар шароитида махаллий “Маржон” кузги буғдой нави ҳосилдорлигининг суғориш тартиботи ва органик ҳамда маъданли ўғитлар меъёрига қараб ўртача гектарига 28,1-67 центнерни ташкил этди.
Тажрибаларда четдан келтирилган интенсив типдаги Юна ва Купава кузги буғдой навларининг Санзар 8 махаллий кузги буғдой навига нисбатан тупроқнинг суғориш ва озиқланиш тартиботига талабчанлиги юқори бўлиши аниқланди (Х.Юсупов, З.Зиядуллаев, Б.Хайдаров, аспирант Т.Отақулов).
Маълумки, қишлоқ хўжалик экинларининг ўсиш ва ривожланишига, ҳосилдорликнинг ошиши ва уларнинг сифатининг яхшиланишидан биологик фаол препаратлар-ўсиш стимуляторлари мухим ахамият касб этди. Ўсиш стимуляторлари оз миқдорда қўлланишига қарамасдан ўсимларда модда алмашинишида ижобий таъсир кўрсатади.
2001-2002 йилларда деҳқончилик бўлими илмий ходимлари томонидан СТ-1-ИА ва СТ -2-Нур ўсиш стимуляторининг суғориладиган майдонларга экилган “Маржон” кузги буғдойнинг ўсиши, ривожланишига таъсири ўрганилди.(Х.Юсупов, Б.Хайдаров) тажриба натижаларига кўра бу стимуляторлар уруғининг лаборатория ва дала шароитларига унувчанлиги ижобий таъсир кўрсатди. Уч йиллик маълумотларга асосан “Маржон” кузги буғдой нави уруғини СТ-1-ИА стимуляторининг 0,05 % концентрациясидаги эритмасини ярим дозадаги Раксил фунгициди билан биргаликда ишлов берилган вариантда олинди.
1996-1997 йилларда илк марта эълон қилинган “Ғалла” республика илмий техник дастур бўйича “Суғориладиган ерларда кузги бошоқли дон экинларини интенсив технология асосида юқори ва сифатли ҳосил етиштириш” мавзуси бўйича лойихалар танловида иштирок этди ва грантни қўлга киритди. (Х.Юсупов, А.Алибоев, А.Умурзаков, Б.Хайдаров ва бошқалар).
Деҳқончилик бўлимида Осиё тараққиёт Банки иштирокида 2005-2009 йилларга мўлжалланган “Бошоқли дон экинлари ҳосилдорлигини ошириш” лойихаси бўйича бир қатор тажрибалар олиб борилди. Тажрибаларда янгидан районлаштирилган, шунингдек истиқболли кузги бошоқли дон экинларининг ресрстежовчи агротехнологияларини ишлаб чиқди.
2003-2005 йилларда деҳқончилик бўлими илмий ходимлари Фан ва технологяилар Давлат қўмитасининг ДФТД-11 дастури бўйича эълон қилинган грант танловларида П.11.1.34 сонли “Суғориладиган ва лалмикор майдонларда ғалла, дуккакли дон, ем-хашак экинларининг алмашлаб экишнинг қисқа ротацияли тизимларини ишлаб чиқиш ва бу тизимларда сувдан, ўғитлардан ва пестийидлардан тежамли фойдаланиш агротехнологияларини ишлаб чиқиш” мавзуси бўйича қатнашди ва грант сохиби бўлдилар.(Илмий рахбар Х.Юсупов, илмий ходимлар А.Умурзаков, Б.Хайдаров ва бошқалар).
Бу тадқиқотлар республиканинг турли лалмикор минтақаларида ғалла –шудгор алмашлаб экиш схемаларини такомиллаштиришга ва бу тизимда тупроққа турли усул ва чуқурликда ишлов беришнинг мақбул тизимини, лалмикор ерларнинг ярим таъминланган қир-адирлик минтақасида типик бўз тупроқлар унумдорлигини оширишнинг агротехнологик чора-тадбирларини ишлаб чиқишга бағишланди. Тажрибаларда тупроққа ишлов бермасдан (“О” технология) тўғридан-тўғри кузги ғалла экинлари уруғини экиш бўйича бир қатор тажрибалар қўйилди.
Шу йиллар давомида деҳқончилик бўлимида Ўзбекистон Республикаси ва АҚШ ўртасида тузилган UB-ARS-31-2003 шартнома бўйича PL-480 сонли “Ўзбекистон республикасидаги ярим таъминланган қир-адирлик ва таъминланган тоғли лалмикор майдонларда ғалла-шудгор алмашлаб экиш тизимида тупроқни эрозиядан химоя қилувчи, тупроқда нам тўпловчи агротехнологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш” лойихаси бўйича бир қатор тажрибалар олиб борилди (Х.Юсупов, илмий ходимлар И.Мамарахимов, С.Рустамов, Б.Хайдаров, М.Жўраев ва бошқалар).
Бу тажрибаларда лалмикор ерларнинг турли минтақаларида тупроқ унумдорилигини ошириш ғалла-шудгор алмашлаб экиш тизимда тупроққа ишлов бериш, ғалла экинларини озиқлантириш ва бошқа агротехнологияларини ишлаб чиқаришга ва такомиллаштириш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилди.
Бундан ташқари, бу лойиха доирасида тоғ олди ва тоғли лалмикор ерларда ғалла, дуккакли ва бошқа экинларни қияликлар бўйлаб полосалар шаклида жойлаштириш, ёмғир ва сел сувларидан самарали фойдаланиш, сув эрозияси таъсирида тупроқнинг ювилишини камайтирадиган террасалар барпо этиш каби бир қатор тажрибалар ўтказилди.
Деҳқончилик бўлими томонидан илмий ходимлар бажарилиши 2007-2011 йилларга мўлжалланган ҚХА-8-061-2 сонли амалий лойихалар бўйича тадқиқотлар олиб борилган (илмий рахбар Х.Юсупов).
Суғориладиган ерларда ғалла ва дуккакли ўсимликлар илмий тадқиқот институти Ғаллаорол филиалида деҳқончилик бўлими томонидан ҚХА-9-117-сонли “Тоғли лалмикор майдонларда тупроқларни сув эрозиясидан ҳимоя қилишни, ёғин-сочин ва сел сувларидан самарали фойдаланишни таъминлайдиган агромелиоратив ва агротехнологик тадбирлар мажмуини такомиллаштириш” мавзуси бўйича илмий-тадқиқотлар олиб борилган (илмий рахбар С.Рустамов).
Суғориладиган ерларда ғалла ва дуккакли ўсимликлар илмий тадқиқот институти Ғаллаорол филиали ИТД-9. “Қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштиришнинг юқори самарадор, экологик соф агротехнологияларини, уларни сақлаш ва қайта ишлаш, касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилишнинг самарали усулларини яратиш” дастури доирасида ҚХА-9-031-сонли “Республиканинг суғориладиган майдонларда янги кузги буғдой навларининг тупроқ иқлим шароитларига ресурстежамкор агротехнологияларини ишлаб чиқиш” мавзуси бўйича илмий-тадқиқотлар олиб борилган (илмий рахбар Х.Юсупов).
Суғориладиган ерларда ғалла ва дуккакли ўсимликлар илмий тадқиқот институти Ғаллаорол деҳқончилик бўлимида КАЗ-018 “Деҳқончилик, мелиорация ва ўрмон хўжалиги соҳаларида маҳсулот етиштириш технология ва техника воситаларини модернизациялаш учун республика қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришни механизациялашнинг истиқболли машина ва машиналашган технологиялар тизимини ишлаб чиқиш” дастури доирасида А3-ФҚ-1-14933 “Республиканинг суғориладиган ва лалмикор майдонларида ғалла, дуккакли, ем-хашак ва мойли экинлар етиштиришда қўлланиладиган машина ва машиналашган технологиялар тизимини ва истиқболли технологик карталарни ишлаб чиқиш” мавзуси бўйича илмий тадқиқот ишлари олиб борилган (Лойиҳа раҳбари Ҳ. Юсупов).
Ғаллаорол илмий-тажриба станцияси деҳқончилик бўлимида ҚХИ-5-002-2013 сонли “Лалмикор майдонларда ғалла-шудгор алмашлаб экиш тизимида “Милютин-2” эспарцет (баргак) навининг уруғчилигини тиклаш ва бошланғич уруғчилигини йўлга қўйиш” мавзусида инновацион лойиҳа бўйича жорий этиш ишлари олиб борилган (Лойиҳа раҳбари Ҳ. Юсупов).
Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Ғаллаорол илмий-тажриба станцияси, Деҳқончилик бўлимида ИТД-9. “Қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштиришнинг юқори самарадор, экологик соф агротехнологияларини, уларни сақлаш ва қайта ишлаш, касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилишнинг самарали усулларини яратиш” дастури доирасида ҚХА-9-054-2015-сонли «Лалмикор майдонларда ғалла-шудгор алмашлаб экиш схемалари тизимида тупроққа ишлов бериш, ўғитлар, кимёвий ҳимоя воситаларидан самарали фойдаланиш, тупроқ унумдорлиги оширишни таъминлайдиган технологияларини такомиллаштириш» мавзуси бўйича 2015-2017 йилларга мўлжалланган илмий-тадқиқот ишлари олиб борилган (Лойиҳа раҳбари Ҳ. Юсупов).
Ҳозирги кунда деҳқончилик бўлимида ҚХ-А-ҚХ-2018-105. «Суғориладиган майдонларда юмшоқ буғдойнинг янги «Истиқлол-20» ва «Семуруғ» навларидан юқори ҳосил ва сифатли дон етиштириш агротехнологиясини ишлаб чиқиш» мавзуси бўйича 2018-2020 йилларга мўлжалланган илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.
Ҳозирги кунда деҳқончилик бўлими бошлиғи Ҳ.Юсупов, қ.х.ф.ф.д., кичик илмий ходим А.Мураткасимов, кичик илмий ходим Ж.Нишанов, лаборантлар М.Кўчимова, Г.Боймирзаева, У.Худойқуловалар фаолият олиб бормоқдалар.
Деҳқончилик бўлимида Ҳайдаров Бекмурод Дусиёрович “Лалмикор майдонларда бошоқли дон экинларини ресурстежамкор технология асосида етиштириш ва жорий этиш” ва Мураткасимов Алишер Саттарович “Лалми типик бўз тупроқларнинг ҳозирги ҳолати ва улардан самарали фойдаланиш йўллари” мавзулари илмий-тадқиқотлар олиб бориб, 2019 йилда қишлоқ хўжалик фанлари фалсафа доктори илмий даражасига эга бўлишди.